20:12 / 26.03.2016
4142

Дорилар 3D-принтерда босиб чиқарилиши бошланди

АҚШнинг "Aprecia Pharmaceuticals" фармацевтик компанияси ходимлари FDA’нинг (Food and Drug Administration – Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар сифатини санитар назорат қилиш бошқармаси) дори воситаларини яратиш учун 3D-босма технологиясидан фойдаланиш учун рухсат олишди. "Спритам" (Леветирацетам) 3D-принтер ёрдамида яратилган биринчи дори воситаси бўлди.

Ушбу дори катталар ва болаларда эпилептик (тутқаноқ) хуружлар ривожланишининг олдини олиш учун қўлланади. Россияда "Леветирацетам" дориси Россия ҳукумати томонидан тасдиқланган ҳаётий зарур ва энг муҳим дори воситалари рўйхатига киритилган.  

"Спритам"ни яратишнинг ZipDose деб номланган янги технологияси Массачусетс технологик институти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилди. Унинг ёрдамида таблеткалар прессланган дори қатламлари ҳолида эмас, балки ғоваксимон ҳолда яратилади. Бу ишлаб чиқариш тури дори воситасининг тезроқ эриши ва яхшироқ сўрилиши имконини беради. Шунингдек, компания ходимларининг таъкидлашича, бу услуб дорини ютишда қийналадиган беморларга уни қабул қилишларини осонлаштиради, чунки у бир неча сонияларда эриб кетади.

Aprecia Pharmaceuticals бош директори Дон Везерхолднинг айтишича, таклиф қилинган технология шизофрения, Паркинсон касаллиги ёки бошқа касалликлардан азият чекувчи беморлар учун дорилар яратишда ҳам қўлланиши мумкин.

"Спритам тутқаноққа қарши дорилар қабул қилиш ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартирган дори воситаси ҳисобланади, бу дори бизнинг дориларимиз ичида шифокор ва беморларга даволашнинг қўшимча вариантларини таклиф қилувчи биринчи доридир", деб айтди Везерхолд.

2016 йил январида компания Deerfield Management жамғармасидан 35 млн долларлик инвестиция олган. Айни вақтда компания 3D-босма технологиясини фармацевтик мақсадларда қўллаш технологияси учун эксклюзив халқаро лицензияга эга.

Top