16:50 / 26.03.2016
1238

ОАВ: Брюсселдаги терактлардан сўнг, Бельгия полицияси фақат Whatsapp орқали мулоқот қилган

22 март куни Брюсселда содир этилган қўпорувчиликлардан сўнг, мамлакат полицияси Whatsapp мобил иловасидан фойдаланишга мажбур бўлган. Бунга полиция алоқа тизимининг ҳаддан ортиқ юклангани сабаб бўлган, деб ёзмоқда "Ньивсблад" газетаси.
Нашрнинг маълумотларига кўра, Бельгия федерал полицияси бош комиссари Катрин Де Болле Astrid коммуникация тизимининг ишдан чиқиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан текширув ўтказишга кўрсатма берган.

Ўз исмини ошкор қилмаган полиция ходимларининг гувоҳлик беришича, теракт куни ҳуқуқ тартибот идораларида бошбошдоқлик кузатилган. "Буйруқлар етиб келмас, биз нима қилишни билмасдик. Мобил алоқа ишламасди", — дея полиция ходими сўзларидан иқтибос келтиради "Ньивсблад" газетаси.

Унинг айтишича, ҳуқуқ идоралари учун айнан Whatsapp қўл келган. Фавқулодда вазиятга қарамасдан, мобил илова ишлашда давом этган. "Яхшиямки, Whatsapp бор экан. Акс ҳолда биз мулоқот қила олмасдик", — дейди тартиб посбони.

Газетанинг ёзишича, федерал полиция расмий вакили Петер Девале ушбу хабарни шарҳлашдан бош тортар экан, теракт куни "ҳаммаси рисоладагидай бўлмаган"ини тан олган.

22 март кунги воқеалар юз берган илк соатларда, мобил операторлар ишида жиддий узилишлар кузатилган. Операторларнинг маълумотларига кўра, ўша дамларда алоқанинг 60 фоизи ишдан чиққан.

Top