14:49 / 26.03.2016
1350

Саудия Арабистонида кинофестивал очилиши бўлиб ўтди

Саудия Арабистонида бўлиб ўтган танатанали маросим мамлакатнинг шарқий қисмида жойлашган Ад-Дамам шаҳрида ўтказилди.

"Биз Саудия киносаноатини юксалтирмоқчимиз, уни янада яхшилаш ниятидамиз", — деди фестивал раҳбари Аҳмад ал-Мулла. Саудия ОАВнинг таъкидлашича, маросим кўтаринки руҳда бўлиб ўтди, улар ҳукуматнинг кинотеатрлар қурилишига рухсат беришига умид билдирдилар. "Бизни ёшлар фаол қўллаб-қувватламоқдалар, — деди ташкилотчи. — Уларни эса тўхтатиб бўлмайди".

Танлаш имкониятининг йўқлиги сабаб бугунги кунда интернет саудияликларнинг ягона кўнгилочар ҳудудига айланган, чунки телевидение давлат томонидан назорат қилинади. Хусусан, саудиялик ёшлар You Tube хизматига мурожаат қилмоқдалар. Статистик маълумотларга кўра, мамлакат аҳолиси бир кунда 90 миллион видеоролик томоша қилар экан, уларнинг аксариятини ҳажвий тасмалар ташкил этади.

Фестивал, албатта, жиддий муҳитда ўтди. Кўп режиссёрлар диний экстремизм ғоясига мурожаат қилмоқдалар. Саудиялик ёш режиссёр Ракан ал-Ҳарбийнинг "Қалбларни забт этиб" номли фильми жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Ушбу қисқа метражли фильм яқинда масжидга қилинган ҳужум ҳақида бўлиб, "террористлар музейи" тарихини ҳикоя қилади. Фестивалда умумий ҳисобда 70 та фильм иштирок этди.

Маросим очилишида 400 киши қатнашди, деб хабар беради Gulf News. Кўпчилик учун бу нафақат катта экранда фильм томоша қилиш , балки ўзини кўрсатиш имкониятини берди. Мазкур тадбир шарофати билан аксарият эркаклар анъанавий дишдош (узун кўйлак)ларидан воз кечиб, замонавий кийимларда ташриф буюришди. Ўз навбатида, аёллар ҳам ниқоб (фақат кўз қисми очиқ бўлган аёллар бош кийими)ларда эмас, рўмолда намоён бўлишди. Шунга қарамай, асосий қоидаларга риоя қилинган ҳолда эркаклар залнинг олди қаторларида ўтиришди.

Top