11:35 / 26.03.2016
1390

Уругвай Бразилия билан ўйинда иродали дурангга эришди

Бразилия терма жамоаси 2018 йил Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг 5-турида ўз майдонида Уругвай билан 2:2 ҳисобидаги дуранг натижани қайд қилди.

Бразилияликлар яримҳимоячиси Дуглас Коста учрашувнинг 1-дақиқасидаёқ майдон эгаларини ҳисобда олдинга олиб чиқди (1:0). 1-бўлим ўрталарида Ренато Аугусто бразилияликлар устунлигини янада мустаҳкамлади (2:0).

Бироқ меҳмонлар ҳужумчиси Эдинсон Кавани ҳаракатлари эвазига ҳисобдаги фарқ тез орада минимал фарққа келтирилди (2:1). Ўйиндаги якуний натижани 2-бўлимда ҳужумчи Луис Суарес ўрнатди (2:2).

Уругвай 10 очко тўплаганча, 2-ўринда қолди. Бразилия эса 8 очко билан 3-ўринга кўтарилиб олди. У қўшимча кўрсаткичлар бўйича худди шунча очко тўплаган Парагвай ва Аргентинадан олдинда бормоқда.

Бу баҳсдан олдин “Барселона” ҳужумчилари Луис Суарес (Уругвай) ва Неймар (Бразилия) ўйин натижаси борасида битта гамбургерга баҳс бойлашганди. Кўринишича, энди улардан ҳеч бири бошқасига гамбургер "қарз бўлмайди".

ЖЧ 2018. Жанубий Америка. 5-тур

Бразилия – Уругвай – 2:2
Голлар: Коста, 1 (1:0); Аугусто, 26 (2:0); Кавани, 31 (2:1); Суарес, 48 (2:2).

Top