16:13 / 28.03.2016
2933

Шассисиз ерга муваффақиятли қўна олган 8та самолёт

27 март куни Остонада Қизилўрдадан келаётган ҳаво лайнери фавқулодда қўнишни амалга оширди. Учувчилар, самолётни олд шасси (ғилдираклар) очилмаган ҳолатда қўндиришга муваффақ бўлишди. Маълум бўлишича, бу ҳодиса парвозлар тарихида биринчиси эмас.

"Открытая Азия онлайн" портали ушбу воқеага ўхшаш 8та ҳодиса рўйхатини тузиб чиқди. Демак, учувчиларнинг жасорати билан танишамиз:

1. Остонада олд шассиси очилмаган самолётнинг қўниши
Bek Air авиакомпаниясининг “Фоккер-100” самолёти "Қизил Ўрда - Остона" йўналиши бўйлаб парвози сўнггида Остона аэропортига қўнди. Унинг бортида 116 йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзоси бор эди. Уларнинг барчаси соғ-саломат.

2. Баҳама оролларидаги қўниш
2016 йил 25 март куни Американинг арзон авиакомпаниясига қарашли JetBlue Embraer-190 самолёти Баҳама ороллари пойтахти Нассау аэропортига муваффақиятли қўнди. Учувчилар қўнишдан аввал, самолёт олд шассисида носозлик борлигини айтишган. Самолётда бўлган 93 йўловчи ва экипажнинг 4 нафар аъзосидан ҳеч ким жабрланмаган.

3. Двигатели ишдан чиққан ва шассиси ёнаётган рус самолётининг Доминиканда қўндирилиши
«Оренбургские авиалинии» компаниясининг Москвага парвоз қилаётган “Боинг-777” ҳаво лайнери 2016 йил 10 февралида Доминикан республикасида фавқулодда қўнишга мажбур бўлган. Пунта-Кана аэропортидан эндигина учган самолётнинг 5 км баландликка кўтарилганда мотори ишдан чиққан. Boeing қўнаётган чоғда унинг шассисидан деярли асар ҳам қолмаганди. Самолёт бортидаги 346 йўловчи ва экипаж аъзолари тирик қолди.

4. Лос-Анжелесдаги воқеа
2015 йил 11 мартида Калифорниянинг Монтерей ва Лос-Анжелес шаҳарлари ўртасида парвоз қилаётган SkyWest Airlines компаниясига қарашли Bombardier СRJ200 русумли ҳаво лайнерининг шассиси манзилга бир неча дақиқа қолганда ишдан чиққан. Ҳаво кемаси командирининг моҳирлиги авиаҳалокатнинг олдини олишга сабаб бўлди. Ундаги 40 йуловчи ва 3 экипаж аъзосига ҳеч нарса қилмади.

5. Варшава аэропортидаги фавқулодда ҳодиса
2011 йил 1 ноябр куни Польшанинг LOT авиакомпаниясига тегишли Boeing 767 самолёти Варшава аэропортига ишламаган шасси билан қўна олди. Унда Американинг Ньюарк шаҳридан 230 киши учиб келаётган эди. Учувчилар қўнишдан аввал, самолёт бакидаги ёқилғини сарф этиш мақсадида бир неча маротаба аэропорт устида айланган.

6. Теҳронда ҳам айни ҳолат юз берган
2011 йил 8 октябр куни IranAir компаниясининг “Боинг-727” самолёти Москвадан Теҳронга парвози сўнггида олд шассиси ишдан чиқди. Ўшанда, эронлик учувчи йирик авиаҳалокатнинг олдини олишнинг уддасидан чиқиб, 113 нафар йўловчининг жонига оро кирди.
7. Россияда энергия манбасидан маҳрум бўлган самолётнинг омади
2010 йил 7 сентябрида “Алрос” авиакомпаниясининг Ту-154 ҳаво кемаси Удачний шаҳридан Москванинг «Домодедово» аэропортига йўл олганда кутилмаган ҳодиса рўй берди. Унинг бортида 9 нафар экипаж аъзоси ва 72 киши бўлган. 10 км баландликда учаётган самолёт кутилмаганда электр энергиясидан маҳрум бўлди, навигация тизими, алоқа ва ҳаво насослари ишламай қолди. Ёқилғи эса атиги 30 дақиқага етар эди. Захира генераторини ишга туширишга бўлган уриниш ҳам иш бермади. Шундан сўнг, учувчилар самолётни қўндириш учун муносиб жой қидира бошлаган. Воқеада ҳеч ким жабрланмаган.

8. СМС туфайли амалга оширилган фавқулодда қўниш
2010 йил 27 май куни Jetstar авиакомпаниясининг Airbus A320 ҳаво лайнери шассиси вақтида очилмагани туфайли Сингапур аэропортига фавқулодда қўнишига бир бахя қолганди. Учувчилар ерга 150 метр қолганида шассини очиб олиш учун яна бир айланишга кўтарилган. Бу воқеа оқибатида ҳам ҳеч ким жабр кўрмаган. Ўтказилган текширувларга кўра, шассининг очилмай қолишига экипаж командирининг телефонига бир неча қисқа хабарлар келиши сабаб бўлган. Командир телефонга чалғигани туфайли иккинчи учувчининг жавобини ва диспетчерлик хизмати кўрсатмаларини эшитмаган.

Top