08:34 / 28.03.2016
1375

"Толибон" Лаҳордаги портлаш учун жавобгарликни зиммасига олди

"Толибон" ҳаракати таъсиридаги жангарилар 27 март куни Покистон шарқидаги Лаҳор шаҳрида содир этилган портлаш учун жавобгарликни зиммасига олди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

27 март кунининг иккинчи ярмида худкуш террорчи болалар боғи ҳудудида ўзини портлатиши натижасида аёллар ва болалар қурбон бўлди. Охирги маълумотларга кўра, қурбонлар сони камида 65 нафарни, жароҳатланганлар сони 280 нафарни ташкил қилган.

Агентликда қайд этилишича, ҳужум нишони христианлар бўлган.

Бундан олдинроқ, Покистон армияси мамлакатнинг Афғонистон чегараларига яқин ҳудудларида аксилтеррор амалиётларнинг охирги босқичига киришиши ҳақида эълон қилганди. Ҳукумат ҳарбийлари 2014 йил ёзида Шимолий Вазиристон ҳудудида "Зарб-э-Азб" номи остида "Толибон" ва "Ал-Қоида" ҳамда бошқа гуруҳлар жангариларга қарши "универсал амалиётлар" ўтказишни бошлаганди. Амалиётларга Покистон армиясининг 30 мингдан ортиқ ҳарбийси жалб этилган. Расмий маълумотларга кўра, амалиётлар бошланганидан буён 2,8 мингдан ортиқ жангари йўқ қилинган.

Top