15:45 / 29.03.2016
1377

EgyptAir самолётини гаровга олган шахс америкалик профессор бўлиб чиқди

EgyptAir авиакомпаниясига тегишли А320 самолётини гаровга олган Иброҳим Самаҳа АҚШнинг Атланта шаҳридаги университетнинг фахрий профессори ҳамда АҚШ фуқароси экани аниқланди. Бу ҳақда «Ал-Аҳрам» газетаси хабар қилган.

Манбанинг ёзишича, Самаҳа шифокор-ветеринар дипломи соҳиби бўлиб, Мисрнинг Искандария вилоятида яшаб келган.

Грециянинг «Прото тема» газетаси хабарига кўра эса Ларнака аэропорти маъмурияти ва профессор ўртасидаги музокаралар вақтида у ўзининг собиқ рафиқаси, айни вақтда Кипрда яшаётган аёл билан учраштиришни сўраган. Полициячилар бу аёлни топишган ва айни вақтда уни аэропорт ҳудудига олиб боришган.

Ларнака аэропортида туширилган, Миср телевидениесида кўрсатилган дастлабки кадрлардан маълум бўлишича, Самаҳа тахминан 50 ёш атрофидаги эркакдир. У Александрия–Қоҳира рейси йўловчиси сифатида рўйхатга олинган бўлиб, 38K жойида ўтирган.

Бундан олдинроқ, Самаҳа экипажга самолёт бортида бомба борлигини айтгани ва Туркияга учишни талаб қилгани маълум бўлганди. Аммо ёқилғи камлиги боис учувчи самолётни Кипрнинг Ларнака шаҳрига қўндирган.

Айни пайтга келиб барча йўловчилар озод қилинган, бортда учувчи ва авиақароқчининг ўзи қолган. Самолёт бортида бомба борлиги ҳақидаги хабар ҳозирча тасдиқланмаган.

Кипр ТИВ маълумотига кўра, эса самолётда яна бир қанча хорижлик йўловчилар қолган бўлиши мумкин.

Top