18:09 / 29.03.2016
1469

ЮНЕСКО Пальмирани тиклаш фондини ташкил этди

ЮНЕСКО Суриянинг Пальмира шаҳрини тиклаш учун махсус жамғарма ташкил этди, деб хабар берган Россиянинг ушбу ташкилотдаги доимий вакили Элеонора Митрофанова "Россия 24" телеканалидаги чиқишида.

"ЮНЕСКОнинг Сурия бўйича ташкил этган жамғармасига ташкилотга аъзо давлатларнинг ихтиёрий бадаллари келиб тушмоқда. Афтидан, Пальмирани тиклаш ЮНЕСКОнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига амалга ошади", - деган Митрофанова.

"Бугунги кунда фонд ҳисобида 2,7 млн евро атрофида маблағ бўлиб, унинг 2,5 миллиони Европа Иттифоқига, 170 минг евро эса Фландрияга тегишли", -деб аниқлик киритган Россия элчиси.

Унинг сўзларига кўра, Сурияда 4 йилдан бери давом этаётган жанговар ҳаракатлар туфайли, мамлакатдаги жами 10 минг археологик ёдгорликлардан 300таси вайрон бўлган.

Бутунжаҳон мероси вакилларининг 31 март куни Париждаги бош қароргоҳида бўлиб ўтадиган йиғилишида Пальмирани тиклаш масаласи ҳам муҳокама этилади.

Пальмира – Дамашқ шаҳри ва Фрот дарёси оралиғидаги Сурия саҳросида қад ростлаган қадимги шаҳарлардан бири бўлиб, ривоятларга кўра унга шоҳ Сулаймон асос солган. Шаҳар қолдиқлари эса ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, ИШИД жангарилари 2015 йил 20 майида шаҳарни эгаллаб, бир нечта қадимги тарихий ёдгорликларни вайрон қилган, умрини шаҳар маданий меросини ўрганишга бағишлаган 80 ёшли археолог Холид Ал Асадни қатл қилган эди.

2016 йилнинг 27 март куни Сурия армияси Пальмира устидан назорат ўрнатди.

Top