17:22 / 29.03.2016
1849

Замонавий дунёнинг яраси

Италия соҳил қўриқчилари, Европа чегаралари устидан назорат қилувчи Frontex агентлиги ҳамда ноқонуний одам олиб ўтишга қарши кураш Европа миссияси Сицилия бўғозида олтита амалиёт ўтказди. Бир-бирига боғлиқ бўлмаган мазкур амалиётлар мабойнида 752 мухожирнинг ҳаёти қутқарилди. Улар кемаларда Италия жанубидаги портларга олиб келинди.

Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳозирча самара бермаяпти. Умумий стратегия бўлмагани сабаб айрим мамлакатлар ўзлари билган холда сиёсат юритишга мажбур бўлмоқда. Масалан, Македония Республикаси мухожирлар билан боғлиқ инқироз юзага келгач, ўтган йилнинг август ойида фавқулодда холат режимини жорий қилган эди. Эндиликда бу режим 31 декабрга қадар узайтириладиган бўлди. Бу борада мамлакат парламенти қарор қабул қилди. Таклиф мудофаа вазири Зоран Йолевский томонидан илгари сурилган ҳамда парламентнинг Мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси томонидан тасдиқланган эди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, 2016 йилда Европа мамлакатлари мухожирлар оқимининг камайишига умид қилмасалар ҳам бўлади. Кузатувчиларнинг айтишича, жаҳонда йил сайин қочқинлар ва мамлакатлар ичкарисида кўчиб юришга мажбур бўлганлар сони ошиб бормоқда. Айни дамда дунёда муҳожирлар сони 60 миллион кишидан ошиб кетган. Умуман, шарҳловчиларнинг фикрича, табиий офат ва қуролли низолар туфайли ўз уй-жойларини тарк этишга мажбур бўлган 87 миллион 600 минг кишига ёрдам бериш учун 2016 йилда 20 миллиард 100 миллион доллар керак бўлади. Ўтган йилнинг декабрида эълон қилинган БМТнинг “Гуманитар чақириқ” деб номланган ҳисоботида айтилишича, бу каби маблағлар шу кунгача донор мамлакатлардан ҳеч қачон сўралмаган. Бу маблағлар 10 йил аввалги мурожаатдан беш баробар ошиб кетган. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда жаҳонда 125 миллион киши ёрдамга муҳтож холда яшамоқда. Гап бу ерда 37 та мамлакатни қамраб олган 27 та инқирозли ҳудудларда яшаётган инсонлар ҳақида бормоқда. БМТ 2015 йилда 20 миллиард доллар сўраган эди, аммо донор мамлакатлар атиги 9 миллиард 700 миллион долларнигина беришди.

Қочқинларга ёрдам кўрсатиш учун маблағлар етишмаяпти. Бу, ўз навбатида, БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссарлиги бошқармасининг ишини мураккаблаштирмоқда. Тўғри, муҳожирларнинг “кўҳна қитъа”га келиши кўпчиликнинг кўзини очди. Ўтган йил сўнггида инсонпарварлик амалиётларини молиялашда ижобий томонга силжиш бўлди. Аммо вазият ҳамон ўзгармай қолмоқда. БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси кутган самаралар қўлга киритилмаяпти. Чунки қочқинларга кўмак бериш мақсадида тўпланиши керак бўлган маблағларнинг атиги ярмигина қўлга киритилди, холос. БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси раҳбари Филиппо Гранди “бизга, айниқса, қуролли тўқнашувлар давом этаётган мамлакатлар учун кўпроқ маблағлар керак”, деди.
Филиппо Грандининг айтишича, Афғонистондаги вазият ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда. Жанубий Судан мустақилликка эришгач, қочқинлар сони уч баробар ошиб кетди. У Яман, Судан, Нигерия, Сомали, Колумбиядаги вазият ҳам ташвишли эканини эслатиб ўтди. Олий комиссарнинг сўзларига қараганда ҳар бир мажаро янгидан янги муҳожирлар тўлқинига сабаб бўлмоқда. Яқин Шарқдаги бошбошдоқлик ва Европадаги муҳожирлар билан боғлиқ вазият бир-бири билан ўзаро боғлиқдир, деди Гранди.

Тарқатилган хабарларга қараганда, АҚШ Европага келган муҳожирларга ёрдам кўрсатаётган халқаро ташкилотларга қўшимча 20 миллион доллар ажратишга қарор қилди. Бу хақда давлат департаменти айтиб ўтган. Маблағлар Европада қўним топган қочқинларни ҳимоя қилиш, уларга ёрдам бериш мақсадида, асосан, БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссарлиги бошқармасига, БМТнинг аҳолишунослик жамғармасига (ЮНФПА) ва Қизил Хоч Халқаро ташкилотига берилади. Шу тариқа АҚШнинг миграция инқирозига қарши курашга қўшадиган улуши 44 миллион долларни ташкил қилади.

Эртага, яъни 30 март куни Женевада муҳожир ва қочқинларни жойлаштириш масаласига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтади. Гранди иштирокчи давлатлар аниқ таклифлар билан иштирок этишларига умид билдирди. Сентябрь ойида Нью-Йоркда муҳожир ва қочқинлар муаммосига бағишланган саммит ўтиши режалаштирилган.

Оммавий тарзда муҳожирларнинг келиши туфайли Европа мамлакатлари ўз юртларида гаровга олинганга ўхшаб қолишмоқда. Европа мурожаат қилган ҳар бир қочоққа бошпана бера олмаслиги ойдинлашди. Гап бу ерда иқтисодий имкониятларнинг чекланганида эмас, балки бошқа бир маданият вакилларининг кириб келишида, демоқда тахлилчилар. Бошқа маданият, бошқа дин, бошқа дунёқарашга мансуб муҳожирлар Европа қадриятлари билан чиқишиб кетиши учун йиллар керак бўлади. Бунинг устига қочқинлар билан бирга террор ташкилотларининг аъзолари ҳам Европага кириб келиши мумкинлигини эсдан чиқариш керак эмас. Айни дамда, “кўҳна қитъа”да минглаб террорчилар қўним топгани айтилади.

Der Spiegel журнали ўтказган ижтимоий сўров натижаларига қараганда, респондентларнинг 54 фоизи муҳожирлар оқими кўпайгани боис Германияда террор хавфи кучайиб бораётганини таъкидлашган.

Шарҳловчиларнинг сўзларига қараганда, Ўрта ер денгизи орқали Италия, Греция ва бошқа мамлакатларга келаётган ноқонуний муҳожирлар сони ой сайин ўсиб бормоқда. Шу билан бирга яхши ҳаёт истаб йўлга чиққанларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ ҳодисалар сони ҳам ошмоқда.


Шарофидин Тўлаганов

Top