17:06 / 30.03.2016
1499

14 ёшли австралиялик сайёра қутбларини забт этмоқчи

Мельбурнда яшовчи 14 ёшли ўсмир бирданига учта қутб минтақасига амалга ошириладиган экспедициянинг энг ёш иштирокчиси бўлиши мумкин. Бу ҳақда Mashable нашри хабар қилган.

30 март куни бошланган саёҳат давомида Жейд Ҳэмистер Гренландия, шимолий ва жанубий қутбларга боради.

2 минг километрлик саёҳат уч босқичда амалга ошади. Шимолий қутбни 21 кунда кесиб ўтиш режалаштирилган бўлса, келгуси йил апрелида у Гренландия ҳудудига қадам қўяди. Ўша йилнинг ёзида жанубий қутбни томоша қилишга отланади.

Экспедиция чоғида Жейдга Эверест чўққисини забт этган отаси Пол ва йўл кўрсатувчи Эрик Филипс ҳамроҳлик қилади. Эрик шимолий ва жанубий қутбларни кесиб ўтган илк австралиялик ҳисобланади.

2016 йилда Ҳэмистер, Янги Зеландиядаги махсус лагерга бориб, тирик қолиш курси, жисмоний тайёргарлик, кроссфит дарсларига қатнашди, чанғи учишни ўрганди

«Мен ёшим етишини билганимданоқ, 12 ёшлигимдан тайёргарликни бошлаб юборганман», — деган Ҳэмистер.

2014 йилнинг январида бристоллик Льюис Кларк Антарктиданинг «Амундсен — Скотт» станциясигача бориб, жанубий қутб бўйлаб 48 кун давом этган саёҳатини поёнига етказган эди. 16 ёшли Кларк Антарктидани забт этган энг ёш саёҳатчи дея эътироф этилганди.

Top