20:27 / 30.03.2016
5774

ТАТУда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мавзусида давра суҳбати ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2016 йил 3 мартдаги 87-03-562-сонли хатида кўрсатилган буйруқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университети АКТ бўйича маслаҳатчи проректори Ли Чул Су иштирокида давра суҳбатини ташкил этиш режалаштирилди.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг жавоб хатига асосан жорий йил 29 март куни соат 10:00 да Тошкент давлат иқтисодиёт университети 2-бино анжуманлар залида ТДИУ ректори М. Болтабаев бошчилигида кенгаш аъзолари ва ТАТУ томонидан тайинланган учрашув иштирокчилари билан бирга таълим жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Учрашувни университет ректори М. Болтабаев қутлов ва кириш сўзи билан бошлаган ҳолда Олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнини жаҳон таълим стандартлари асосида такомиллаштириш, замонавий электрон таълим тизимларини жорий этиш, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва тажриба алмашиш хусусида сўзлади.

Шу ўринда Тошкент ахборот технологиялари университети АКТ бўйича маслаҳатчи проректори Ли Чул Су қабулдан ниҳоятда мамнун эканлигини изҳор этган ҳолда АКТ ни жорий этиш тўғрисида янги ғоя ва таклифларни келтириб, ўз тақдимотини ҳавола этди. Тақдимотда таълим соҳасида АКТни жорий этишнинг 4 асосий омили ёритиб берилди, улар таълим соҳасини истиқболлаш, дарс ва лаборатория хоналарини замонавий талабларга жавоб берувчи жиҳозлар билан таъминлаш, ҳар бир профессор-ўқитувчи илғор технологиялар асосида талабаларга таълим бериши, шу жумладан, ҳар бир университет ходими АКТни билиши зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантирган ҳолда таълим тизимига АКТ бўйича янгиликларни жорий этиш, бу орқали хориж университетлари таълим тизимидаги янгиликларни республикамиз университетларига олиб кириш, фикр алмашиш орқали талаба ва профессор ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, таълим тизимида рақамли маълумотлар базасини яратиш ҳақида сўзлаб ўтди.

Давра суҳбатининг 2-тақдимоти электрон деканат дастурига бағишланган бўлиб, уни ТАТУ ўқув ишлар бўйича проректори Х. Бобомуродов олиб борди. Таълим тизимида электрон деканат дастурининг моҳияти ва вазифалари ҳақида сўзлаб, мазкур дастурни интернет тармоғи орқали он-лайн тарзда тақдимот қилиб берди.

Давра суҳбати тақдимотлар қисмидан сўнг талим соҳасида АКТни қўллаш мавзусига доир бир қанча саволлар берилди, жумладан:
1. Ўзбекистон ва Кореядаги ахборот-коммуникация технологияларининг қўлланилиш даражаси қандай?
2. Интернет дастурларининг ҳимоя тизимлари қай даражада ривожланган?
3. Таълим тизимида АКТ қўлланилишида муаллифлик ҳуқуқини қандай ҳимоялаш мумкин?

ТАТУ вакилларининг мазкур саволларга тўлиқ жавоб ва мулоҳазалари мақсадга мувофиқ бўлди.

Давра суҳбати якунида ТАТУ вакилларига миннатдорчилик билдирилиб, келажакда ҳамкорлик фаолиятини янада ривожлантириш имкониятларини йўлга қўйиш зарурати таъкидланди.

Top