14:33 / 30.03.2016
4330

Тошкент ЙҲХБ ҳайдовчиларни видеоқайд тизими ишга тушиши ҳақида огоҳлантирди

Ўзбекистон пойтахтининг 120та чорраҳасида камералар ўрнатиш ишлари поёнига етиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳоллари синов тариқасида видеотасвирга олинмоқда. Илк босқичда, камералар давлат рақами ва машина тезлигини қайд эта олади.

Пойтахтнинг йирик чорраҳаларида йўл ҳаракатини видеокузатиш тизими яқин ойларда ишга туширилади, деб маълум қилган Тошкент шаҳар ЙҲХБ раҳбари подполковник Барат Маменов Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида.

"Янги тизимда диспетчерлик хизмати билан боғланган видеокузатув камераси ва патруль машиналари алоҳида ўрин тутади. Биринчи босқичда, камералар томонидан автомобили тезлиги ва давлат рақами, шунингдек, қизил чироқда ўтиш ҳолати қайд этилади", – деб тушунтирган подполковник.

Унинг сўзларига кўра, янги тизим жорий этилиши учун кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Хусусан, йўл ҳаракатига оид қонунчиликка ўзгартиришлар киритилган, янги йўл белгиси пайдо бўлган. Бу белги, ҳайдовчиларни йўлнинг маълум бир қисмида видеокузатув мавжудлигидан огоҳлантиради.

"Мабодо, камера ЙҲҚ бузилишини қайд этгудек бўлса, автомобиль эгасининг уйига жарима тўғрисида мактуб келади. Бунда, айни қоидабузарлик вақтида машинани ким бошқаргани муҳим эмас. Аммо, автомобиль эгаси, ЙҲҚ бошқа шахс томонидан бузилганини исботлай олса, жарима айбдор ҳайдовчи номига қайта расмийлаштирилади", – деб қайд этган Тошкент шаҳри ЙҲХБ раҳбари.

Шу билан бирга, қоидабузарликни автоматик қайд этишда баённома тузилмайди, аксинча видеокамералардан олинган маълумотларга асосан қарор чиқарилади. Бу, ўз навбатида, ДАН ходимларининг аралашувини йўққа чиқаради ҳамда коррупция ҳолатларининг камайишига асос бўлади.

Ўзбекистонда беш йилдан буён қоидабузарликларни видеоқайд этиш тизими қўлланаётганига қарамай, ўтган йилдан бошлаб камера воситасида қайд қилинган ЙҲҚ бузилишига ҳам маъмурий жавобгарлик жорий қилинди. 2016 йилнинг март ойидан бошлаб янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидалари амал қила бошлади.

Top