20:14 / 31.03.2016
5036

Жиззахда бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди

Жиззахда “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси ва бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика, Жиззах политехника институтлари, вилоят халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, меҳнат бошқармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазма олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги мавжуд касб йўналишларини акс эттирувчи баннер, буклет, плакат ва бошқа тарғибот воситалари билан безатилди. Ўз бизнесини йўлга қўйган битирувчиларнинг фаолияти ҳақида видеороликлар намойиш этилди.

Тажрибали педагоглар, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази мутахассислари ўқувчиларга касб танлаш, ишга жойлашиш, ўз бизнесини бошлаш бўйича маслаҳат ва тушунтириш берди. Таълим муассасалари ва ўқув марказлари томонидан маҳорат дарслари, бизнес билимдонлиги бўйича турли танловлар, қизиқарли викториналар ўтказилди. Бизнес ғоялари ва режалари юқори баҳоланган 36 нафар коллеж битирувчисига тижорат банкларидан кредит олиш учун тақдимномалар берилди.

– Кўргазма доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилгани тадбирга ёшларнинг қизиқишини янада оширди, – дейди вилоят меҳнат бошқармаси бўлим бошлиғи Акбар Файзиев. – Ярмаркада ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар, кичик бизнес субъектлари ўзларининг 300 дан ортиқ бўш иш ўрни билан иштирок этди.

Top