11:00 / 31.03.2016
1646

Штайнмайер Ўзбекистон делегациясини Берлиндаги конференцияга таклиф этди

Ўзбекистонга 2 кунлик ташриф билан келган Германия ташқи ишлар вазири ҳамда ЕҲХТ (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) раиси Франк-Вальтер Штайнмайер Ислом Каримов билан учрашув вақтида ўзбекистонликлар делегациясини шу йилнинг 31 май - 1 июнь кунларида Берлин шаҳрида ўтказиладиган конференцияда иштирок этиш учун таклиф қилган. Бу ҳақда Sputnik хабар берди.

Бу конференцияда диний радикализм ва террорчи ташкилот вакиллари бўлган жангариларнинг ўз юртларига қайтиши муаммоларига қарши курашиш масалалари муҳокама этилиши кўзда тутилган.

"Германия ЕҲХТ доирасида 31 май-1 июнь кунларида диний радикализмга қарши кураш мавзусидаги конференцияни қабул қилади. Унга ЕҲХТ аъзолари бўлган барча мамлакат вакилларини таклиф этамиз", деган Штайнмайер.

"Бу мавзу кейинги терактлардан кейин янада долзарблашди", дея қўшимча қилган ЕҲХТ раиси.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, Штайнмайер Марказий Осиё бўйлаб сафари давомида Тожикистон ва Қирғизистонга ҳам боришни режалаштирган. У томонлар билан учрашувларда ҳукумат вакиллари билан музокаралар ўтказиб, жамоатчилик вакиллари билан учрашади. Учрашувларда кўтариладиган асосий мавзу терроризмга қарши курашдаги ҳамкорлик, ЕҲХТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўлади.

Top