21:45 / 31.03.2016
2217

Тошкентдаги ҳарбий қисмда Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир ўтказилди

Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Жамоатчилик кенгаши аъзолари, тарихчи олимлар, ёзувчилар, санъаткорлар иштирок этди.

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Н.Ҳабибуллаев, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Х.Файзиев, Ўзбекистон халқ артисти Т.Мўминов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган улкан ишлар жараёнида Амир Темур мероси шижоат, мардлик ва адолат тимсоли сифатида юксак қадр ва эъзоз топаётганини таъкидлади.

Соҳибқирон қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор шахсдир. Улуғ аждодимизнинг Осиё ва Европа қитъаларидаги ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсири наинки дунё тарихчи-олимлари, сиёсатчилари, ёзувчилари, балки ҳарбий илм мутахассисларининг ҳам диққат-эътиборини ҳали-ҳамон ўзига жалб этиб келади.

– Соҳибқирон ҳаёти, пурмаъно ўгитлари ҳар биримиз учун ибратлидир, – дейди оддий аскар Ислом Сулаймонов. – Буюк бобомиз ўз тузукларида қайд этган “Билаги зўр бирни, билими зўр мингни йиқар” каби ҳикматли сўзлари, теран маъноли кўрсатмалари, айниқса, ҳозирги глобаллашув замонида инсонни доимо ақл-идрок, ҳамжиҳатлик, илму маърифат асосида яшашга ундайди. Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган етук билимли, юксак маънавиятли ҳарбий хизматчилар тайёрлашга қаратилган изчил ислоҳотлар замирида Соҳибқироннинг ана шу даъвати мужассам.

Санъаткорлар ижросидаги қўшиқлар тадбирга байрамона кайфият бағишлади.

Top