12:49 / 31.03.2016
1460

Туркия фуқароси Сомалида уюштирилган ҳужум вақтида ҳалок бўлди

Туркия ТИВ мамлакат фуқароларидан бири 30 март куни Сомали пойтахти Могадишо шаҳрида номаълум шахслар томонидан уюштирилган ҳужум қурбонига айланганини тасдиқлади. Бу ҳужум вақтида бир нафар озарбайжонлик ҳам ҳалок бўлган.

30 март куни Могадишода номаълум шахслар туркиялик ишчилар кетаётган микроавтобусни ўққа тутишган.

Синьхуа агентлиги хабарига кўра, ҳужум Туркия элчихонаси яқинида содир этилган ва ҳужум оқибатида жами 4 киши ҳалок бўлган.

Рейтер агентлиги хабарида эса бу ҳужум натижасида туркиялик 6 киши ҳалок бўлгани айтилган.

Ҳужум қилувчилар воқеа жойини тезда тарк этишган, ҳужум сабаблари аниқланмай қолган. Ҳозирча бу ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир ташкилот ўз зиммасига олмаган.

Сомалида "Аш-Шабоб" ("Ёш мужоҳидлар ҳаракати") номли жангарилар гуруҳи фаолият олиб боради. Бу гуруҳ "Ал-Қоида" ташкилоти таъсирида юзага келган. "Аш-Шабаб" аъзолари доимий равишда Сомали ҳудудидаги ҳукумат бинолари ва БМТ қароргоҳларига ҳужумлар уюштиради. 23 март куни ҳарбий базага уюштирилган ҳужум натижасида 73 нафар ҳарбий ҳалок бўлганди.

АҚШ бу гуруҳни 2008 йилда халқаро террорчи ташкилотлар қаторига киритилганди.

Сомали 1991 йилда Сиада Барре режими қулагач, амалда ягона давлат сифатидаги мақомини йўқотганди. Қонуний ҳукумат пойтахт шаҳар Могадишо ва атрофдаги ҳудудларни назорат қилади. Мамлакатнинг қолган қисми турли гуруҳлар томонидан назорат қилинади. Мамлакат марказида тан олинмаган Галмудуг давлати тузилган.

Top