20:38 / 01.04.2016
4097

1 апрелдан Ўзбекистондаги 56та корхонанинг давлат акциялар пакетлари сотувга қўйилди

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2340-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2015 йил 21 декабрдаги ПҚ-2454-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида"ги 33-сонли қарорларига асосан хорижий инвесторларга сотилиши белгиланган 56та акциядорлик жамиятининг давлат акциялар пакетлари бўйича биржа савдоларига таклиф қилмоқда.

Биржа маълумотларига кўра, бу корхона ва ташкилотларнинг савдога чиқарилган акциялари нархи бошланғич баҳоларга кўра 915 млн долларга яқинни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг2015 йил 21 декабрдаги "Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2454-сонли қарорига асосан давлат активларини сотиб оладиган хорижий инвесторларга бир қатор имтиёзлар тақдим этилган, жумладан:

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 апрелдаги ПФ-3594-сонли Фармони билан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга хорижий инвестор томонидан киритилган инвестициялар ҳажмига қараб юридик шахсларнинг фойда солиғи, мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаш бўйича берилган имтиёзлар табақалаштирилган тарзда хорижий инвесторнинг улуши устав капиталининг 15 фоизидан 33 фоизигача миқдорни ташкил этадиган акциядорлик жамиятларига татбиқ этилади;

- 2020 йилнинг 1 январигача хорижий инвесторларнинг акциядорлик жамиятларида уларга тегишли бўлган акцияларидан дивиденд тарзида олаётган даромадидан солиқ тўлашдан озод қилинади;,

- хорижий инвестицияси мавжуд акциядорлик жамиятларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда даъво аризаси билан судга мурожаат этганда давлат божини тўлашдан озод қилинади, кейинчалик давлат божи суднинг тегишли қарори билан айбдор деб топилган томондан ундириб олинади.

2015 йилнинг декабрида рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси активларни "Тошкент" биржаси орқали сотувга қўйишни бошлаганди. Ўшанда сотувга қўйилган активлар баҳоси 700 млн доллар эди. Лекин шу вақтгача бу савдоларнинг барчаси амалга оширилмади.

Бугундан акциялар улуши савдога чиқарилган компаниялар қаторида декабрда акциялари сотувга қўйилиб, сотилмай келаётган корхоналар ҳам бор: "Навоийазот" АЖнинг 49 фоиз акцияси (202,24 млн доллар), "Фарғонаазот" АЖнинг 48,05 фоиз акцияси (152,9 млн доллар), "Кварц" АЖнинг 75 фоиз акцияси (94,358 млн доллар), "Қизилқумцемент" АЖнинг 35,9 фоиз акцияси (160,66 млн доллари).

Top