19:25 / 01.04.2016
1454

"Барселона" футболчилари "Реал"га қарши ўйинга Йоҳан Кройфф хотираси учун тайёрланган футболкаларда тушади

"Барселона" жамоаси Испания чемпионатининг 31-турида "Реал"га қарши ўтказадиган ўйинида афсонавий футболчи Йоҳан Кройффни хотирлашади. Жамоа сайтидаги хабарда ёзилишича, шу куни каталонияликлар "Раҳмат, Йоҳан" (Gracies Johan) ёзуви туширилган либосларда ҳаракатланишади.

"Барселона" ва "Реал" баҳси Тошкент вақти билан 2 апрель куни соат 23:30да бошланади.

Кройфф 24 март куни 68 ёшида Барселонада вафот этди.

Ушбу ҳолландиялик футболчи дунё тарихидаги энг кўп совринларга эга бўлган футболчилардан бири эди. У аввалига "Аякс" билан, кейинроқ "Барселона" билан ички чемпионатларда ва халқаро майдонларда ютуқларни қўлга киритганди. Хусусан, терма жамоаси билан ҳам муваффақиятли давр ўтказиб, 3 марта "Олтин тўп" олган.

У Нидерландия терма жамоаси билан 1974 йилда жаҳон чемпионатининг кумуш медалларига, 1976 йилги Европа чемпионатининг бронза медалларига эга чиққан.

1974 йилда "Барселония"га келгач, жамоа шу йилнинг ўзида 15 йил кутилган чемпионликка эришган.

Кройфф мураббий сифатида 1987 йили "Аякс" билан УЕФА кубогини қўлга киритган. "Барселона" бош мураббийига айлангач эса, каталонияликлар жамоасида янги давр бошланади: қаторасига 4 йил (1991-1994) Испания чемпионлиги ҳамда 1992 йилги ЕЧЛ ғолиблиги.

Бундан олдинроқ, испан ОАВи "Барселона" жамоаси раҳбарияти "Камп Ноу" стадиони номини Йоҳан Кройфф шарафига қайта номлаш масаласини кўриб чиқиши ҳақида хабарлар ёзганди.

Top