09:42 / 01.04.2016
1157

Обама ва Эрдўған ўзаро учрашувда ИШИДга қарши курашни муҳокама қилдилар

АҚШ президенти Барак Обама ва Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған АҚШ ва Туркиянинг ИШИДни йўқ қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларини муҳокама қилдилар. Учрашув Вашингтонда ядровий хавфсизлик бўйича саммит доирасида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Оқ уй матбуот хизмати.

Эрдўған ҳозирда АҚШда сафар билан қолмоқда.

Обама АҚШ фуқаролари номидан Диёрбакирдаги теракт туфайли турк халқига ҳамдардлик билдирди.

Саммит доирасида Обама бошқа давлатлар сиёсатчилари билан ҳам учрашди. Ҳаммаси бўлиб саммитга 50 дан кўпроқ давлат вакиллари ташриф буюрдилар. Россия саммитда иштирок этмаяпти.

Туркиянинг Диёрбакир шаҳрида 31 мартда навбатдаги теракт амалга оширилди. Автовокзал яқинида қолдирилган миналаштирилган автомобиль унинг ёнидан полициячиларни олиб кетаётган хизмат автобуси ўтаётганда масофадан туриб портлатилган. Охирги маълумотларга кўра, портлаш оқибатида 7 полициячи ҳалок бўлган, 27 киши, жумладан 14 нафар полициячи ва 13 нафар оддий фуқаро жароҳат олган.

Top