00:16 / 02.04.2016
1547

Чикагода 400 минг ўқувчи муаллимлар иш ташлаши сабабли машғулотларни ўтказиб юбордилар

1 апрелда АҚШнинг Чикаго шаҳри мактаблари – АҚШда йириклиги бўйича 3-рақамли мактаб округининг 27 минг ўқитувчиси бир кунлик иш ташлаш ўтказмоқдалар. Шу сабабли 400 мингга яқин ўқувчи машғулотларни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Шаҳар ҳокимияти болалар кунларини мазмунли ўтказишлари учун кутубхоналар ва черковларда 250 та вақтинчалик марказлар очди.

Чикаго ўқитувчилар иттифоқи томонидан ташкиллаштирилган иш ташлашга шаҳар ва штат ҳокимиятлари билан мактаб дастурларини молиялаштириш бўйича янги келишувни ишлаб чиқиш бўйича олиб борилаётган музокараларнинг бесамарлиги сабаб бўлди. Амалдаги келишувнинг муддати июнда ниҳоясига етади.

"Биз мактаблар учун молиялаштиришга эришмоқчимиз ва кўзланган мақсадга эришмагунимизча курашни тўхтатмаймиз", деб айтди ўқитувчилар иттифоқи вице-президенти Жесси Шарки. ABC телеканалининг маълум қилишича, ўз навбатида Чикаго мактаб округи бошлиғи Форрест Клейпол иш ташлашни ноқонуний деб атади ва ўқитувчилар иттифоқига қарши даъво аризаси бериш билан таҳдид қилди.

Иллинойс штати ҳокимияти 10 ойдан бери штат бюджетини тасдиқлай олмаяпти, бу эса бир қатор ижимоий дастурларнинг тугатилишига сабаб бўлди.

Top