07:47 / 02.04.2016
1416

Икки киши полиция тақибидан қочиб автомобилда АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари базасига кириб кетди

Икки киши йўлтанламас машинада Калифорния штатидаги АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари авиация базаси назорат-ўтказиш пунктини бузиб ўтиб, база ҳудудига кириб кетди ва 60 млн доллар турувчи қирувчи самолёт фюзеляжининг дум қисмини узиб юборди. Тўқнашув оқибатида автомобиль ҳайдовчиси ва у билан бирга бўлган йўловчи ҳалок бўлди, деб хабар берди 1 апрелда CNN телеканали. 

База раҳбарияти Jeep Grand Cherokee автомобилидаги икки киши қандай қилиб назорат-ўтказиш пункти тўсиқларидан ўтиб кетганининг сабабини ҳали аниқлай олмади. "Амалдаги хавфсизлик чораларига қарамасдан, нимадир нотўғри кетиб, бахтсиз ҳодиса юз берди. Жанговар самолётга шикаст етди, икки киши ҳалок бўлди. Биз келажакда бундай воқеалар такрорланмаслиги учун бош қотиришимизга тўғри келади", деб айтди Фресно шаҳридаги Лимур базаси қўмондони, капитан Монти Эшлиман.

Қайд этиш жоизки, Jeep ҳайдовчиси ва йўловчи базага полиция тақибидан қочиб кириб кетган. Штат патруль-пост хизмати маълум қилишича, автомобиль дастлаб йўлда мумкин бўлмаган жойда тўхтаб, патруль хизматининг эътиборига тушган. Полиция машинага яқинлашиб, ёрдам керак-керак эмаслигини сўрамоқчи бўлганда машина ҳайдовчиси двигателни ёқиб, жойидан кескин қўзғалган. Шундан кейин полиция машинани тақиб қила бошлаган. Машинани тақиб қилиш учун бир нечта патруль машинаси ва вертолёт юборилган.

2015 йил май ойидан бери базада "террорчилик хавфи ошгани сабабли" хавфсизлик чоралари кучайтирилган эди. Базада 15 та F/A-18 самолётидан иборат эскадрилья ва бошқа авиатехника жойлаштирилган.

Top