09:12 / 02.04.2016
2160

Тошкентда вояга етмаган ўқувчи Lacetti машинасини бошқариб, ўз дўстининг умрига зомин бўлди

Telegram мессенжери орқали бир фойдаланувчи 26 март куни Тошкент шаҳрининг Inter House академик лицейи яқинидаги кўчада мудҳиш автоҳалокат рўй бергани ҳақида хабар берганди, деб маълум қилмоқда qalampir.uz.

Ўша куни Тошкентдаги Inter House ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейнинг 4 нафар ўқувчиси Lacetti автомобилига ўтиришган. Тахминлар ва тасдиғини топмаган хабарларга кўра, машинани Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей ўқувчиси бошқарган. Тунги соат 22:00 лар атрофида автомобиль Inter House лицейи яқинида йўл-транспорт ҳодисасига учраган.

Маълум қилинишича, автомобиль катта тезликда йўл четидаги дарахтга бориб урилган. Натижада автомобилда ўтирган 4 ўқувчидан 3 таси оғир жароҳат олган, орқа ўриндиқда ўтирган Шерзод исмли йигит эса вафот этган. Маълум бўлишича, вафот этган йигит Inter House академик лицейининг ўқувчиси бўлган. Буни “Qalampir.uz” билан телефон орқали суҳбатлашган лицей директори ҳам тасдиқлаган.

Ижтимоий тармоқлар, хусусан, Telegram мессенжерида Inter House академик лицейи ўқувчиларининг автомобиль бориб урилган дарахтга вафот этган ўқувчининг суратини илиб, унинг хотирасига ўша ерни гуллар билан безатиб қўйишгани тасвирланган суратлар тарқалди.

 

Top