21:58 / 04.04.2016
1711

Луис Энрике: «Атлетико»га қарши биринчи ўйинда дарвозамиздан гол ўтказмаган ҳолда ғалаба қозонишимиз керак»

«Барселона» бош мураббийи Луис Энрике Европа чемпионлар лигасининг чорак финал босқичи доирасида «Атлетико»га қарши ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Биз ўйинга бор кучимизни ташлаймиз, бунга шубҳа бўлмаслиги керак. «Барселона» ғалаба қилиш-қилмаслиги ҳақида аниқ айта олмайман, лекин ҳозир жамоамизнинг айни вақтдаги ҳолати ғалабага имкон берар даражада яхши.

Биз ўйин услубимизни ўзгартирмаймиз. Ўйин давомида тўпни рақиб томонида ушлаб туришга ва йўқотишлар бўлмаслигига ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз рақибдан яхшироқ бўлиш. Бу «Барселона»га омад келтиради.

Ғалаба қозонишни исташ билан биргаликда, ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юбормасликни ўйлашимиз керак. Ўз майдонимиздаги бор имкониятлардан фойдаланишимиз керак, ахир олдинда жавоб ўйини кутиб турибди.

Сўнгги йилларда «Атлетико» билан ЕЧЛ доирасида икки марта тўқнаш келдик. Шунга қарамай, рақибни янада ўрганиш керак. Бу сафар рақиб бошқача ўйнаши мумкинлигига тайёр бўлишимиз лозим. «Атлетико» — ўзининг аниқ фалсафасига эга бўлган топ-жамоа. Бу жамоа турли рақиблар учун алоҳида услубларга эга жамоа. Улар юқори прессинг қўллашади ва қарши ҳужумда хавфли ўйнашади.

Биз «Реал» билан 65 дақиқа давомида яхши ўйнадик. Албатта, биз хатоларга йўл қўйдик, лекин бундай савиядаги жамоалар билан ўйинларда бу оддий ҳолат. «Реал» билан ўйиндан қониқиш ҳосил қилдим, ахир биз машина эмасмиз. Мағлубият аламини унутдик. Умид қиламан, тезроқ ғолибона йўлга тушиб олиш учун ушбу мағлубият бизга қўшимча мотивация беради.

«Атлетико» сафида маҳорат бобида кучли футболчилар бор — Гризманн ва Торрес. Бу жамоа яна бир неча жиҳатлари билан бизга муаммо яратиши мумкин. «Атлетико» стандартлар пайтида ва ҳимоядан ҳужумга ўтишда хавфли», — дейди Энрике.

Эслатиб ўтамиз, ўйин 5 апрель куни Барселона шаҳрида бўлиб ўтади.

Top