15:57 / 04.04.2016
1962

Қирғизистонда янги ҳарбий шаҳарча барпо этилмоқда

Қирғизистонда бунёд этилаётган ҳарбий шаҳарча, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг илк йирик ҳарбий машғулотларига тайёргарлик доирасида қурилмоқда, деб хабар қилмоқда Sputnik Қирғизистон агентлиги Республика қуролли кучлари Бош штабидаги манбасига таянган ҳолда.

"Тинчлик миссияси — 2016" ҳарбий аксилтеррор машғулотлари, 5-12 сентябрь кунлари Иссиқкўл вилоятидаги "Эдельвейс" ўқув базасида ўтказилади. Унда, мезбонлардан ташқари, Қозоғистон, Хитой, Россия ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари қатнашади.

Айтиш жоизки, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Хитой бу каби ҳарбий ўқув машғулотларга мезбон бўлишга улгурган.

Ҳозирда, машғулотлар ўтиши режалаштирилган ҳудудда халқаро меъёрлар асосида кенг қамровли қурилиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади Бош штаб хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзодир. Ташкилотнинг минтақавий аксилтеррор тузилмаси 2004 йилда ташкил этилган, бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган.

Бундан ташқари, ШҲТнинг Ўзбекистондан ташқари барча аъзолари, ҳарбий соҳада ишончни мустаҳкамлашга қаратилган “Шанхай бешлиги” келишуви аъзолари ҳам ҳисобланади.

Top