09:21 / 04.04.2016
1605

Россиянинг Томск вилоятидаги ёнғинда 8 киши ҳалок бўлди

Россиянинг Томск вилоятидаги Молчаново қишлоғида чиққан ёнғин оқибатида 8 киши, жумладан 3 бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда 3 апрелда Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин қишлоқдаги уйлардан бирида чиққан. Ёнғин маҳаллий вақт билан 22:00 да бошланган. "Ёнғинни ўчириш пайтида 7 киши – 1938, 1964,1993 йилларда туғилган 3 аёл, 1957 ва 1987 йилда туғилган 2 эркак, 2006 йилда туғилган ўғил бола ва 1999 йилда туғилган қиз бола жасади топилган", дейилмоқда хабарда.

Ёнғин пайтида уйда бўлган, 2000 йилда туғилган ўсмир шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этди. Аниқланишича, ҳалок бўлганлардан 7 нафари қариндошлар бўлган.

Айни вақтда ёнғиннинг аниқ сабаблари аниқлаштирилмоқда. Воқеа бўйича терговгача текширув ишлари олиб борилмоқда, воқеа жойида тергвчилар иш олиб бормоқда. Тергов ёнғин чиқишининг икки сабаби устида ишламоқда: бир тахминга кўра, уйга атайлаб ўт қўйилган, бошқа тахминга кўра, ёнғинга эҳтиётсизлик сабаб бўлган.

Top