09:38 / 05.04.2016
2051

Янги Зеландиянинг собиқ бош вазири номзоди БМТ бош котиби лавозимига қўйилди

Янги Зеландиянинг собиқ бош вазири Хелен Кларк номзоди БМТ бош котиби лавозимига қўйилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. Бу ҳақдаги расмий мактуб БМТ Бош ассамблеясига жўнатилди.

БМТнинг ҳозирги бош котиби Пан Ги Мун ўз лавозимидан 2016 йил охирида иккита 5 йиллик муддат якунлангандан кейин кетади. Кларк ҳозирда БМТ ҳузуридаги ривожланиш соҳасида БМТга аъзо давлатларга кўмак кўрсатиш ташкилотини (UNDP) бошқариб келмоқда.

Кларк Янги Зеландияда 1999 йилдан 2008 йилгача бош вазир бўлган. Унинг таъкидлашича, у бош котиб учун барча малакаларга эга ва эркак номзодлар билан бир қаторда қаралиши мумкин.

Таъкидланишича, ташкилот яратилгандан бошлаб 70 йилдан бери уни фақатгина эркаклар бошқариб келган, шунинг учун 50 дан кўпроқ давлат тарихда биринчи бор бу лавозимга аёл номзод қўйилишини қўллаб-қувватламоқда. Ҳозирда бош котиб лавозимига қўйилган номзодлар орасида 4 нафар аёл бор.

Аввалроқ Болгария бу лавозимга ўз номзоди сифатида ЮНЕСКО бошлиғи Ирина Боковани қўйгани маълум қилинганди.

Март охирида Россия ташқи ишлар вазирлигида БМТнинг янги бош котиби Шарқий Европа вакили бўлиши кераклиги айтилганди.

Top