09:58 / 06.04.2016
1512

Amnesty International: 1989 йилдан буён энг кўп миқдордаги қатл этишлар 2015 йилда қайд этилди

2015 йилда дунёнинг 25 мамлакатида 1634 нафар маҳбусга чиқарилган ўлим ҳукми ижро этилган. Бу маълумотлар Amnesty International халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ҳисоботида келтирилди.

2014 йилда дунёнинг 22 мамлакатида 1061 нафар маҳбус қатл этилганди.

Ўтган йилда бу борада 50 фоизлик ўсиш қайд этилди ва бу кўрсаткич 1989 йилдан буён энг юқори кўрсаткич бўлди. Қатл этилганлар сони кўплиги бўйича Хитой, Эрон, Покистон, Саудия Арабистони ва АҚШ номлари тилга олинган.

Хитойда ҳар йили минглаб маҳкумларнинг қатли оммага эълон қилинмаслиги айтилган. 1,6 мингдан ортиқ қатл қилишларнинг 90 фоизи Эрон, Покистон ва Саудия Арабистони ҳиссасига тўғри келиши айтилган. Ўтган йили АҚШда 28 маҳбуснинг қатли қайд этилган. Бу 2014 йилдагидан 7 нафарга кам ва бу 1991 йилдан буён қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

2015 йилда дунёнинг 61 мамлакатида 1998та ўлим ҳукми чиқарилган. 2014 йилда 55 мамлакатда 2466 кишига ўлим ҳукми эълон қилинганди. 2015 йил охиридаги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб қамоқхоналарда 20,3 минг киши ўзига чиқарилган ҳукм ижросини кутиб яшамоқда.

Қайд этилишича, Эрон, Ироқ ва КХДРда судлар халқаро қонунчиликка риоя этмаган ҳолда фаолият олиб боришиб, ноҳақ ҳукмлар чиқаришмоқда ва бу мамлакатларда қийнаш усулларидан фойлаланилмоқда.

Ҳужжатда қайд этилишича, баъзи давлатларда оғир бўлмаган жиноятлар (хусусан, қасддан қотиллик содир этилмаган ҳолатлар) учун ҳам ўлим ҳукми чиқарилади. Осия ва Яқин Шарқдаги 12 мамлакатда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлик учун ўлим ҳукми чиқарилади. Саудия Арабистони ва Мальдивда зино учун, Хитой, Шимолий Корея ва Вьетнамда иқтисодий жиноятлар учун, Саудия Арабистонида ширк учун, Эронда эса пайғамбарни ҳақорат қилганлик учун ўлим жазоси қўлланилади.

2015 йилда 4 мамлакатда ўлим ҳукмини чиқариш бекор қилинди. Бундай мамлакатлар сони айни вақтга келиб, 102тани ташкил этади.

Top