12:03 / 06.04.2016
3057

hp дунёнинг энг ингичка ноутбукини тақдим этди

hp компанияси анчадан буён барчанинг эътиборини торта оладиган ноутбук яратишга уринар эди. Энди у ўзини шу мақсадига эришган, деб ҳисоблайди.

Янги Spectre 13 (ёки шунчаки hp Spectre) ноутбуки 10,4 миллиметр қалинликка эга ва у шу пайтгача ишлаб чиқарилган энг ингичка ноутбукдир.

Асосчилар ноутбукининг қалинлиги (10,4 миллиметр) Apple MacBook (13,2миллиметр) ва MacBook Air (17миллиметр)дан ингичка эканига урғу берган ҳолда уни макбукларга тўғридан тўғри рақобатчи, деб ҳисоблашади.

Ингичкалигига қарамасдан hp Spectre 13 тўлақонли i5 ёки i7 процессорига, 13.3" 1080p экранига, 8GB RAM ва 256GB SSD база моделига эга.

Шунингдек, hp Spectre’да USB-C, учта порт (иккитасида Thunderbolt имконияти бор) мавжуд.

hp компанияси вице-президенти Майк Нэшнинг сўзларига кўра, ушбу ноутбукни яратишда иссиқлик тарқатиш ва қувват манбаи масалаларига алоҳида урғу берилган.

Корпусининг асосий қисми тўқ кулранг алюминийдан ясалган. Четлари бронза рангидан ишлангани ажойиб нур таратади.

13 апрелдан 25 апрелгача hp янги ноутбукларига 1 169,99 доллар нархида аввалдан буюртмалар қабул қилади. Бу буюртмалар май ойида тайёр бўлади. Худди шу май ойининг 22-санасидан бошлаб Best Buy савдо тармоғида 1 249,99 доллар нархда сотила бошлайди.

Top