10:58 / 06.04.2016
2157

Путин Россия ва Ўзбекистоннинг Собиқ Иттифоққа оид молиявий даъволардан воз кечиши бўйича келишувни имзолади

Россия президенти Владимир Путин "Россия ҳукумати ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги икки томонлама молиявий даъволар ҳамда мажбуриятларни тартибга солиш бўйича битимни ратификация қилиш тўғрисида"ги қонунни имзолади.

Россия Давлат Думаси 2016 йилнинг 25 март куни бу қонунни қабул қилиб муҳокамага чиқарган, 30 март куни ҳужжат федерация кенгаши томонидан маъқулланганди.

2014 йилнинг 10 декабрида Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи вақтида Ўзбекистон ва Россия молиявий талаб ва мажбуриятларни тартибга солишга оид ҳукуматлараро битим имзоланганди.

Музокаралар давомида томонлар Собиқ Иттифоқ молиявий муносабатлари ва Ўзбекистонга 1992-1993 йилларда берилган кредитлар бўйича бир-бирига бўлган барча даъволардан воз кечишди.

Россия томони ҳисоб-китобига кўра, 2014 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистоннинг Россиядан қарзи 889,3 миллион АҚШ долларни ташкил қилди (Бу 90-йилларда мавжуд бўлган ва ҳозирга келиб йўқ бўлиб кетган ташкилотлар қарзи, Ўзбекистон бу қарзларни ҳеч қачон тан олмаган). Ундан асосий қарз миқдори 500 млн доллар, фоизлари 389 млн доллар (Тан олинмаган қарз устига қўшилган фоиз ва устама абсурд равишда тан миқдорига етиб қолган). Ўзбекистон фақат унинг бир қисмини – 43 млн долларини тўлашни ва Собиқ Иттифоқнинг Олмос фондини бўлиб олишни таклиф қилган эди (Ўзбекистоннинг Собиқ Иттифоқ Олмос фондидан ҳақлари берилмаган).

Эндиликда, шартнома кучга кирган кундан бошлаб, бир ой давомида Ўзбекистон Россияга фақат 25 млн доллар тўлаши кераклиги белгиланган.

Қайд этиш керакки, бу ўзаро ҳақдорликдан воз кечилиши Россиянинг Ўзбекистонга қурол-яроғ сотишига имкон беради. Чунки, Россия қонунчилигига кўра, қарздор мамлакатга қурол сотиш мумкин эмас.

Top