14:33 / 06.04.2016
1679

Соғлиқни сақлаш вазирлигида коррупциянинг олдини олишга бағишланган учрашув ўтказилди

Бош прокуратура томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигида «Коррупция — миллий хавфсизликка таҳдид» тарғибот тадбирлари дастури доирасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги суиистеъмолчиликлар ва коррупциянинг олдини олиш масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда вазирлик раҳбарияти, барча таркибий тармоқлари бошлиқлари, ҳудудий бошқармалар, шунингдек, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Бош прокуратура вакили томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларида қонунийлик ҳолати, қонунбузилишлар ҳамда бунга имконият яратган шарт-шароитларнинг таҳлили натижалари юзасидан маъруза қилинди.

Тадбир қатнашчиларига мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот тақдим қилиниб, қонунчилик талаблари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, тадбирда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Республика маънавият тарғибот маркази вакиллари ҳам учрашув мавзуси бўйича маъруза қилдилар.

Соғлиқни сақлаш муассасаларида қонунийликни таъминлаш борасидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш натижаларига кўра, келгусида профилактика тадбирларини амалга ошириш юзасидан ҳамкорликдаги комплекс чора-тадбирлар белгиланди.

Бундай тадбирларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг барча ходимлари ўртасида ўтказиш режалаштириб олинди.

Top