14:09 / 06.04.2016
2623

Uzmobile GSM абонентлари сони 500 минг кишига етди

Ўзбек миллий мобил оператори Uzmobile’нинг GSM тармоғи бўйича мижозлари сони бугунги кунга келиб, 500 минг кишидан ортиб кетди. Бу ҳақда Sputnik агентлиги компания вакилига асосланиб хабар берган. 

Келгусида, GSM тармоғида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, унинг қамровини кенгайтириш ҳамда янги тариф режаларини таклиф этиш билан мижозлар сонини кескин ошириш режалаштирилмоқда.

2016 йилда, мобил алоқа хизматлари сонини кўпайтириш мақсадида 30дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон бозорида шу пайтга қадар мавжуд бўлмаган янги корпоратив хизматлар ҳам таклиф этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, мамлакат фуқаросининг давлат инфратузилмалари билан фаол мулоқотини ҳамда ўзаро муносабатлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида миллий оператор электрон ҳукумат лойиҳасини ривожлантириш соҳасида ҳам қатор режаларни амалга оширади.

Мижозларни жалб этиш борасида талабалар, кичик ва хусусий тадбиркорлик вакилларига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, дилерлик тармоқларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бугунги кунга келиб, Тошкент шаҳрининг ўзида, 20та сотиш ва хизмат кўрсатиш марказлари фаолият кўрсатади, мамлакат бўйлаб 110дан ортиқ шундай марказлар мижозлар оғирини енгил қилмоқда.

Шу билан бир вақтда, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини GSM тармоғи билан қамраб олиш мақсадида, жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларининг замонавий ускуналарини босқичма-босқич ўрнатиш ишлари олиб бориляпти.

Uzmobile миллий мобил оператори ўтган йил 15 апрелида илк GSM тармоғини Тошкент шаҳри ва вилоятида ишга туширганди. Бунгача, 2004 йилдан бери компания CDMA-450 EV-DO тармоғида хизмат кўрсатиб келарди. 2015 йил охирига келиб, Uzmobile GSM мамлакатнинг барча вилоят марказларида ҳам иш бошлаган эди.

Top