12:23 / 07.04.2016
1711

Bloomberg: Россия ва АҚШ ИШИДга қарши алъянс ташкил этишга яқин турибди

Сурия армияси ва курд ҳарбий бўлинмаларининг ИШИД террористик гуруҳига қарши муваффақиятлари Россия ва АҚШнинг ушбу йўналишда ўз ҳаракатларини янада мувофиқлаштириш ҳамда Москва ва Вашингтон ўртасида ўзига хос ҳарбий алъянс ташкил этилиши эҳтимолини кучайтирмоқда. Американинг Bloomberg агентлиги таҳлилида шундай фикр илгари сурилган.

"АҚШ ва Россия иттифоқчилари ҳисобланган кучлар Суриядаги фуқаролик урушида фронтнинг қарама-қарши томонида эди. Аммо, эндиликда улар ИШИД таъсир доирасига кириб бормоқда. Сурия армиясининг 27 март куни Пальмирани озод қилгандан кейинги асосий вазифаси ИШИДнинг Ироқ ва Сурия ўртасидаги йўлларини тўсиб қўйишдан иборат", -дейилади мақолада.

"АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган курд бўлинмалари ўз навбатида, ИШИДнинг маъмурий маркази Раққа шаҳрига тобора яқинлашмоқда. Бу эса, ИШИДни қуршовга олиш учун энг қулай фурсатдир. Агар, шу мақсадда ҳамкорликда чоралар кўрилса, АҚШ ва Россия ўзига хос алъянсга кирган бўлади", - деган фикрни билдиради Bloomberg экспертлари.

Бунинг натижаси ўлароқ, Башар Асад ҳокимияти мустаҳкамланади.

Мақолада ёзилишича, "АҚШ ва Россия тинчлик келишувларининг ҳаётга татбиқ этилиши борасида чораларни кучайтирмоқда" ҳамда гарчи "Вашингтон Асад ҳокимиятини қўллаб-қувватламасада, ИШИДга қарши жиддий чоралар кўриш зарурлиги хусусида Кремль билан якдилдир".

ИШИДга қарши жанговар ҳаракатларнинг муваффақияти ЕИ учун ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда Европа мамлакатлари, иккинчи жаҳон урушидан бери энг йирик қочқинлар оқимини тўхтатиш ва терактларнинг олдини олиш учун жиддий бош қотирмоқда.

Top