19:57 / 08.04.2016
2389

Андижонда шахмат бўйича республика турнирининг финал босқичи ўтказилди

Андижонда “Камолот” шахмат тахтаси” республика турнирининг финал босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Турнир “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тўққизинчи бор ўтказилаётган турнирнинг финал босқичида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 8 ёшдан 19 ёшгача бўлган 140 нафар ёш шахматчи ғолиблик учун баҳслашди.

Қизлар ўртасида Навоий вилояти вакиллари Меҳрибон Ўткирова, Барчиной Облаева, қашқадарёлик Феруза Қурбонова, сирдарёлик Зебо Абдуллаева ва Шаҳноза Қосимова, ўғил болалар ўртасида сирдарёлик Баҳром Баҳруллаев, Тошкент вилояти вакили Шерзод Самандаров, андижонлик Шоҳамир Тожибоев, хоразмлик Ўлмас Ҳакимов, қашқадарёлик Бекзод Ҳусанов ўз ёш тоифасида ғолиб бўлди. Умумжамоа ҳисобида Сирдарё вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллаган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар Тошкент ҳамда Навоий вилоятлари жамоаларига насиб этди.

Ғолиблар ва “Энг ёш иштирокчи қиз”, “Энг ёш иштирокчи бола”, “Энг яхши партия”, “Энг чиройли комбинация”, “Ғалабага бўлган ишончи учун”, “Энг аҳил жамоа”, “Мастер-класс” номинациялари бўйича совриндорлар турнир ташкилотчилари томонидан медаль ва дипломлар билан тақдирланди.

Top