14:27 / 08.04.2016
1387

Манба: Қирғизистон бош вазири транспорт вазири билан келишмай қолгани учун истеъфога чиқмоқчи

Бугун, 8 апрель куни Қирғизистон ҳукумати раиси Темир Сариев, мамлакат президенти Алмазбек Атамбаевга истеъфога чиқиши тўғрисида ариза бериш ниятида. Бу ҳақда ТАСС агентлигига республика вазирлар маҳкамасидаги манба маълум қилган.

Унинг айтишича, бош вазир вазирлардан бири билан келишмай қолгач, шундай қарор қабул қилган.

Ҳукумат матбуот хизмати раҳбари Назира Аҳмедованинг ТАСС агентлигига маълум қилишича, "ҳозирча бош вазир истеъфога чиқиш аризасини топширганича йўқ".

Бундан аввал, Сариевнинг транспорт ва коммуникациялар вазири Арғинбек Малабаев билан сўз талашиб қолгани хабар қилинган. Улар автойўл қурилиши учун тендер ўтказишда Хитой компанияларидан бирини илгари суриш борасида тортишиб қолишган.

Бу воқеадан кўп ўтмай, Сариев транспорт вазирини ишдан бўшатиш бўйича таклифини президент тасдиғига киритган. Бироқ, давлат раҳбари уни эътиборсиз қолдириб, ҳуқуқ-тартибот идораларига тендер атрофида пайдо бўлган машмашалар бўйича текширувлар ўтказишни буюрган.

Top