07:36 / 08.04.2016
1396

Техасда ExxonMobil нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиқди

АҚШнинг Техас штатидаги Бейтаун шаҳрида жойлашган ExxonMobil нефтни қайта ишлаш заводида 7 апрель маҳаллий вақт билан 17:00 да катта ёнғин чиқди. Олов ишлаб чиқариш биноларидан бирини қамраб олди.  Гувоҳларнинг айтишича, олов 10 метрдан баландроққача кўтарилган, оловдан тарқаётган тутун эса бир неча километр узоқликдан кўринган.

Бир неча соатлик уринишлардан кейин ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлишди.

ExxonMobil вакиллари ёнғин оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини айтишди. Улар атроф-муҳитга қанчалик зарар етгани борасида маълумотлар келтиришмади, бироқ яқин атрофдаги ҳаво ҳолати кузатиб борилишини таъкидлаб ўтишди. Мутахассислар атрофдаги одамларга ҳеч нарса хавф солмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун ҳаво намуналарини ола бошлашди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги. Ёнғин сабаблари аниқланмоқда.

ExxonMobil’нинг Техасдаги заводи йириклиги бўйича АҚШдаги нефть-кимё ва нефтни қайта ишловчи 2-рақамли завод ҳисобланади.

Top