14:45 / 11.04.2016
1724

Россиянинг Ставрополь ўлкасида худкушлар ўзини портлатди

Ставрополь ўлкасида жангарилар полиция бўлимига ҳужум қилишга уринаётганда бартараф этилган. Тинч аҳоли вакиллари ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўртасида жабрланган ёки ҳалок бўлганлар йўқ. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги ўлка ИИББ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Матбуот хизмати вакилининг сўзларига кўра, жангарилардан бири полиция бўлими назорат-ўтказув пунктида йўқ қилинган, иккинчиси ўзини портлатиб юборган. Айни вақтда террорчиларнинг гумашталари ва жиноят ташкилотчиларини аниқлаш мақсадида "Қалъа" режаси амалга оширилмоқда.

Бошқа манбаларнинг хабар қилишича, ҳужум қилганлар сони 4 нафар бўлган, уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Уларнинг 3 нафари ўзини портлатиб юборган бўлса, тўртинчиси отиб ўлдирилган.

Манбанинг маълум қилишича, Ставрополь ўлкаси Новоселиц райони полиция бўлими биноси яқинида 5 марта портлаш овози эшитилган. Ҳозирда вазият назорат остида экани айтилмоқда.

Шу муносабат билан ўлкада аксилтеррор тартиби жорий қилинган. Суриштирув ишлари бошлаб юборилган.

29 март куни кечаси, "Кавказ" федерал автойўлининг Қорабудахкент районидан ўтувчи 869 километрида йўл четига жойланган портловчи қурилмалар ишга туширилган эди. Натижада, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини олиб кетаётган "Урал" ва УАЗ "Хантер" автомашиналари зарарланган, бир нафар полиция ходими ҳалок бўлган эди.

Top