2010 йилнинг 10 апрель куни Смоленскда ҳалокатга учраган Ту-154М самолёти учувчилари огоҳлантиришларни инкор этишган. Бу ҳақда Польша телеканали TVN24 да маълум қилишган.
Маълум қилишларича, телеканалда учувчилар хонасидан ёзиб олинган ёзув қўйиб эшиттирилган.
“Янги версия ёрдамида 30-40 фоиз қўшимча маълумот олишга муваффақ бўлинди. Учувчилар хонасидан ёзиб олинган ёзувдан шуни англаш мумкинки, учувчилар бир неча бор огоҳлантирилишларига қарамай, хавфни инкор этишган”, — дейилди телеканалда.
Ҳалокатдан 16 дақиқа олдин учувчилар бошқа бир самолёт — Як-40нинг учувчиларидан огоҳлантириш олишади. Як-40нинг учувчиси Ту-154М даги ҳамкасбларини агар Смоленскда қўна олишмаса, Москва ва ёки яна бошқа жойга учиб кетишларини сўрайди.
Маълумот учун: Ту-154 лайнери 2010 йилнинг 10 апрель куни Смоленскда ҳалокатга учраган эди. Бортдаги барча — Польша президенти Лех Качинський, унинг рафиқаси ва ҳукумат делегациясининг 86 аъзоси ҳалок бўлган эди.