09:51 / 13.04.2016
1549

Керри: Зиддиятларга барҳам беришда АҚШ иқтисодий қудратини ҳам унутмайди

АҚШ жаҳондаги мавжуд можароларга барҳам бериш баробарида ўзининг асосий устунлиги- иқтисодий салоҳиятини сақлаб қолишни ҳам ёддан чиқармайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Жон Керри Лос-Анжелесдаги Тинч океани халқаро сиёсат кенгашидаги маърузасида баёнот берди.

"Гарчи қатор "музлатилган" ва янги зиддиятлар мавжудлигига қарамай, ҳар қачон ва ҳар ерда иқтисодий қудратимизни сақлаб қолиш асосий вазифамиз бўлиб қолаверади. У бизнинг жаҳон бозорига бевосита таъсир этиш манбаимиздир. Биз эришишни хоҳлаган мақсадларимиз йўлида иқтисодий сиёсат юритамиз. Бу соҳада Транс-тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги доирасида музокаралар ўтказиб, уни ҳаётга татбиқ этиш бизнинг етакчилигимизни таъминлайдиган манбалардан биридир", деган Жон Керри.

Давлат котибининг таъкидлашича, "у лавозимини эгаллагандан бери, ташқи сиёсат бу иқтисодий сиёсат, иқтисодий сиёсат бу ташқи сиёсат, дея такрорлаб келади".

Жон Керри ўз чиқишида, жаҳондаги муаммоларга замон кўзи билан қараш муҳимлигини айтар экан, Американинг ўзига хослигини яна бир маротаба такрорлади.

"Сўнгги йилларда Америка иқтисодиёти қайта оёққа турди. Хусусий сектордаги иш жойлари, барча саноати ривожланган давлатлардаги иш жойларидан кўпдир. Ишсизлик даражаси 5 фоизни ташкил этмоқда. Яқин-яқинларда ҳам орзу қилиш мумкин бўлган энергетик мустақиллик ҳақиқатга яқин турибди. Америка коллеж ва университетлари ҳамон дунёнинг энг яхши таълим муассасалари ҳисобланади, олимлар ва муҳандисларимиз энг кўп кашфиёт, ихтиролар қилишмоқда", - деб таъкидлаган Керри.

У, шунингдек, АҚШ қуролли кучларига ҳам тўхталиб, "Америка ҳарбийлари энг яхши жиҳозланган, жанговар тайёргарлиги юқори армия аскарларидир" дея, уларга юқори баҳо берган.

Top