09:39 / 13.04.2016
2460

Науру давлати ХВЖ ва Жаҳон банкининг 189-аъзоси бўлди

Тинч океанининг жанубий қисмида жойлашган Науру орол давлати Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг 189-аъзоси бўлди.

Иккала халқаро ташкилот бу ҳақда 12 апрелда Науру молия вазири Дэвид Адеанг тегишли ҳужжатларни ташкилотларнинг Вашингтондаги бош қароргоҳларида имзолагандан кейин маълум қилди. Наурунинг ХВЖдаги дастлабки квотаси 2,8 млн доллар миқдорида белгиланди.

ХВЖ директори Кристин Лагард Наурунинг ташкилотга қўшилишини қутлаб, мамлакат "кичик орол давлатлар иқтисодиётлари учун умумий муаммолар", жумладан географик узоқ жойлашуви ва иқлим ўзгариши оқибатлари билан дуч келаётганини таъкидлаб ўтди. "ХВЖ доирасида иқтисодий ҳамкорликда тўлақонли иштирок этиш Науруга фойда бўлади", деб ҳисобламоқда Лагард.

Науругача ХВЖ ва Жаҳон банкига охирги бўлиб 2012 йил апрелда Жанубий Судан аъзо бўлганди.

Науру Республикаси майдони 21,3 км километрни, аҳолиси 11 минг кишини ташкил қилади. Орол 1968 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган.

Top