19:08 / 14.04.2016
3377

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 39 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 31 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Солиқ Кодексининг 39 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Хусусан, Солиқ кодексининг 114-моддаси 1-қисмига киритилган ўзгартиришларга асосан, кирим қилинмаган товарлар учун қўлланиладиган молиявий жарима миқдори кирим қилинмаган товарлар суммасининг 20 фоизига камайтирилди, бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно. Олдин ушбу молиявий жарима суммаси кирим қилинмаган товарлар суммасининг 100 фоизи миқдорида қўлланилар эди.

Шунингдек, Республикада ҳужжатлар айланмасига электрон ҳисоб варақ-фактураларни кенг жорий этиш учун тегишли норматив-ҳуқуқий базани яратиш ва электрон ҳисоб варақ-фактурани қоғоздаги ҳисоб варақ-фактурага тенглаштириш мақсадида, Солиқ кодексининг 222-моддасига тегишли қўшимча киритилди.

Жумладан, 2016 йил 1 январдан бошлаб хизматлар соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловини 5 фоизлик ставка билан тўлайдилар. Илгари ушбу ставка 6 фоизни ташкил қилар эди. Уларнинг солиқ юки саноат ва қурилиш корхоналариникига тенглаштирилди. Ягона солиқ тўлови ставкасининг пасайтирилиши тахминан 60 млрд. сўмни хизматлар кўрсатувчи кичик бизнес корхоналари тасарруфида қолдиришга имкон яратди, бу маблағлар корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлашга йўналтириши мумкин.

Божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар, яъни божхона брокерлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси ҳам 2015 йилдаги солиқ ставкасига нисбатан 1 фоизли пунктга пасайтирилди ва 5 фоиз қилиб белгиланди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи шкаласидаги энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 5 бараваригача бўлган ставкаси 1 фоизга пасайтирилди. 2016 йил 1 январдан у 7,5 фоизни ташкил қилади. 2015 йилда ушбу ставка 8,5 фоизни ташкил қилар эди.

Top