19:19 / 14.04.2016
1990

Кувайтда муҳожирлар учун электр энергияси ва сув нархи оширилди

Кувайт парламенти, мамлакатдаги хорижий фуқаролар ва бизнес вакиллари учун сув ҳамда электр энергияси нархини кўтаришга рухсат берувчи қонун лойиҳасини тасдиқлади. Парламентнинг 31 нафар аъзоси қонун лойиҳасини маъқуллаган бўлса, 17 нафари унга қарши чиқишган. Яна икки ҳафтадан сўнг, лойиҳа бўйича иккинчи ва сўнгги маротаба овоз бериш жараёни бўлиб ўтади.

Кувайт қонун чиқарувчи органи дастлаб лойиҳани рад этган, аммо маҳаллий фуқароларга нисбатан нархлар ўзгармаслиги хусусидаги банд киритилгач, лойиҳа муҳокамасини бошлаган эди.

Агар лойиҳа иккинчи овоз бериш жараёнида ҳам, тасдиқлангудек бўлса, Кувайт сўнгги 50 йилда илк марта электр энергияси нархини оширади. Айтиш жоизки, нефть экспорт қилувчи бошқа давлатлар каби Кувайтнинг қора олтин экспортидан кўрадиган даромади кескин пасайиб кетди.

Лойиҳа, асосан хорижликлар истиқомат қиладиган кўп қаватли хонадонлар учун электр ҳақини ҳозирги 1 киловатт учун белгиланган икки фил (0.7 цент)дан 15 фил (5 цент) га оширишни кўзда тутади. Тижорат мақсадида фойдаланилган ҳар бир киловатт нархи эса 25 фил (8 цент)гача кўтарилади.

Сув нархи ҳам худди шундай деярли икки мартага оширилади.

Top