16:02 / 14.04.2016
7591

Режиссёр Иброҳим Расулов 20 қисмли сериалга қўл урди

Ўзбек томошабинларига “Бегона баҳор”, “Жийда гули” каби сериаллари билан яхши таниш бўлган режиссёр Иброҳим Расулов яна бир янги мавзуга қўл урди.

Каримберди Тўрамуроднинг “Қасам” ҳикояси асосида яратилаётган мазкур сериал 20 қисмдан иборат бўлиб, хоразмлик хонанда йигит ва самарқандлик шифокор қиз ўртасида муҳаббатни ифодалайди.

Шунингдек, сериалда ота-она ва фарзандларнинг бир бирига бўлган муносабати, ошиқлар дуч келадиган синовлар, дўстлар ўртасидаги ишонч ва покиза инсонийлик туйғулари очиб берилган.

Сценарий муаллифлари: Жавлон Абдуллаев, Комил Турсунбоев ва Иброҳим Расулов.

Бош ролларни Улуғбек Собиров, Зилола Усмонова, Дилноза Турсунбоева, Машҳура Зулфиқоровалар ижро этган. Асосий ролларда Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Сайёра Юнусова, Ботир Муҳамаджонов, Зуҳра Ашурова, Тоҳир Саидов, Раъно Ярашева, Яйра Исмоилова, Жамшид Давлятов, Анвар Каҳрамонов каби актёрларни кўришингиз мумкин. Бош оператор Аҳмаджон Содиқов.

Иброҳим Расулов (режиссёр): — “Қасам” номли сериалимизнинг бошқа сериалардан фарқи шундаки, кўплаб мухлисларимиз севиб томоша қилган “Жийда гули”, “Бегона баҳор” каби ҳаётий мавзуларни ўз ичига олган. Насиб этса бу гал ҳам ушбу сериалимиз билан мухлислар қалбидан жой эгаллаймиз, деган умиддамиз.

 

Top