17:57 / 15.04.2016
2444

Перудаги Наска чизиқлари сири топилди

Археологлар фазодан олинган суратлар ёрдамида Перуда у ерда аввал яшаган цивилизация томонидан қолдирилган Наска чизиқлари сирини аниқладилар. Олимлар томонидан ўтказилган таҳлилнинг кўрсатишича, қадимда акведуклар (осма қувурлар) ва Наска чизиқлари ягона тизимни шакллантирган. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.

Олимларнинг фикрича, Наска чизиқлари қадимда мавжуд бўлган кенг тармоқланган акведуклар мураккаб тизимининг бир қисми ҳисобланади. Улардан бир қисми ҳозиргача сақланиб қолган ва пукиос деган ном олган. Аввалроқ олимлар пукиос Наска маданиятига алоқаси борлигини билишмаган.

Археолог Роза Лазапонаранинг айтишича, пукиос "ер ости сув қатламларидан сув олиш учун қурилган мураккаб гидравлик тизим" бўлган ва чўлни ҳаёт учун яроқли қилган. Пукиос эвазига Наска маданияти йил бўйи сув билан таъминланган. Одамлар сувни маиший ва қишлоқ хўжалиги мақсадларида ишлатишган.

Наска маданиятида ёзув излари бўлмаганига қарамасдан, бу маданият вакилларининг технологик даражаси уларга сув таъминоти тизимини лойиҳалаш, қуриш ва ишчи ҳолда қўллаб-қувватлашга имкон берган. Қадимги одамлар бунга қандай муваффақ бўлганлари олимларга номаълумлигича қолмоқда.

Атропологларнинг фикрича, бундай мураккаб иншоотларнинг мавжудлиги жамиятда юқори табақаланиш (иерархия)нинг бўлганини англатади. Наска чизиқлари Наска ясси тоғларида жойлашган ва тахминан 30 та сурат, 700 та геометрик шакл ва 13 мингта чизиқлардан ташкил топган. Бу суратлар ҳақида биринчи эслатмалар 16 асрда пайдо бўлган. Уларнинг келиб чиқиши номаълум. Тахминларча, Наска чизиқлари ушбу ҳудудда 3-1,2 минг йил аввал яшаган Наска маданияти томонидан қолдирилган бўлиши мумкин.

Top