07:30 / 15.04.2016
1500

Шимолий Кореянинг баллистик ракета учириши муваффақиятсиз якунланди

Шимолий Кореяда мамлакатнинг шарқий соҳилидан ўрта узоқликка мўлжалланган баллистик ракетани учириш муваффақиятсиз якунланди. Бу ҳақда Жанубий Корея штаблари бошлиқлари қўмитаси маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

"Шимолий Корея, кўринишича, Япон денгизи ҳудудидан бугун эрталаб (15 апрель) ракета учирмоқчи бўлган, бироқ уриниш, тахминча, муваффақиятсизликка учради", дейилмоқда хабарда.

Ўз навбатида, Пентагон матбуот хизмати америкалик ҳарбийлар Шимолий Корея ракетасининг учирилишини кузатиб борганлар ва уларнинг фикрича ҳам уриниш муваффақиятсиз якунланган.

Аввалроқ Шимолий Корея шарқий соҳилларига бир нечта "Мусудан" мобиль ракета мажмуаларини ташлагани маълум қилинганди.

Ракета Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг бобоси, мамлакатнинг биринчи президенти Ким Ир Сеннинг таваллуд аёми муносабати билан учирилиши керак эди.

15 апрелда Шимолий Кореяда мамлакат асосчиси Ким Ир Сеннинг 104 йиллик таваллуд аёми муносабати билан миллий байрам нишонланади.

Шимолий Кореянинг ракета-ядровий дастури жаҳон ҳамжамиятида хавотир уйғотиб келади. Шимолий Корея ҳукумати ўзида мавжуд қуроллар билан АҚШга зарба бериш билан очиқчасига таҳдид қилиб келади. 

Top