15:04 / 16.04.2016
1944

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 14 апрель куни амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 15 апрель куни Кўксаройда бўлиб ўтди.

Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик таъминланиши ва иқтисодиёт тикланишидан манфаатдор эканини таъкидладилар. Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслиги, БМТ шафелигида қарама-қарши томонлар ўртасида сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро келишувга эришиш энг тўғри ва ягона йўл эканлиги қайд этилди.

Президентлар Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сув ресурслари минтақамизнинг умумий бойлиги бўлиб, халқларимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан улардан оқилона ва самарали фойдаланишга боғлиқ эканлигини таъкидладилар. Трансчегаравий дарёларда гидроенергетика иншоотлари қуриш масаласида БМТ конвенциялари ва бошқа халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига қатъий риоя қилиш зарурлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистонга мева-сабзавотлар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар, турли хизматлар экспорт қилади. Қозоғистондан Ўзбекистонга қора ва рангли металлар, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади.
Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. 2015 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилган.
Қозоғистонда ўзбекистонлик ишбилармонлар иштирокида ташкил этилган 151 корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 206 корхона, шу жумладан, 171 қўшма корхона очилган.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Жорий йил 10-11 март кунлари Остона шаҳрида мазкур комиссиянинг 15-мажлиси бўлиб ўтди.

2007-2016 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясига мувофиқ савдо, сармоя, транспорт, коммуникациялар, божхона, сув-энергетика ва инновация йўналишларида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар самараси ўзаро алоқаларга қўшимча суръат бағишламоқда.

Транспорт коммуникациялари соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Мамлакатларнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда.

Шу билан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи ниҳоясига етди.

Top