11:05 / 17.04.2016
3763

ЎзМУда чет эл университетлари ўқув дастурлари қўлланилмоқда

Янгилик яратиш ва унга эришиш жуда кўп изланиш ва ишлашни талаб қилади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Шуҳрат Сирожиддиновнинг 10 йиллик истиқболли тараққиёт дастурида “дунёдаги энг ривожланган давлатлардаги олий таълим муассасалар қаторидан ўрин эгаллаши учун уларнинг ўқув дастурлари ва маъруза матнларини ўрганиб, андоза олиш”га қаратилган режалар ҳам белгиланган эди.

Бу вазифаларни амалга ошириш йўлида барча педагог-ходимлар ўз вазифаларига улкан масъулият билан ёндашмоқдалар.

ЎзМУ Ахборот хизматидан хабар беришларича, айни пайтда университет педагог-ходимлари андоза сифатида танланган шундай ўқув дастурлари ва маъруза матнлари устида тинмай изланмоқдалар.

Айни пайтда ЎзМУ ҳузуридаги Педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ (минтақавий) марказида ишлар роса қизғин. Университет педагог-ходимлари тайёрлашган жаҳон андоларига мос ўқув дастурлари ва маъруза матнларини топширмоқдалар.

Уларни ЎзМУ Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Файзулла Агзамов ва Ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи Зафаржон Жабборовлар синчковлик билан ўрганган ҳолда қабул қилмоқдалар.

Галдаги вазифа – ўқув жараёнига ушбу янги дастурлар жорий этилади!

Умид билан суқулган таёқ, бир кун мева-ю япроқ, деганларидек, ЎзМУ талабалари ҳам дунёдаги энг ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан бир хилда таҳсил олишда давом этадилар ва шу тариқа улар билан бўйлашиб бораверадилар!

Шу тариқа хориж университетлари билан талабалар алмашинуви амалга оширилади. Айтайлик, европалик талабалар Ўзбекистон Миллий университетида жаҳон андозаларига мос ўқув жараёнларидан баҳраманд бўлсалар, ўзбек йигит-қизлари чет эл университетларида худди шундай таълим олишни эмин-эркин давом эттириш имконига эга бўладилар!

Top