11:23 / 19.04.2016
2953

Шекспир ўз ватанига нисбатан хорижда машҳурроқ экани маълум бўлди

Уильям Шекспирни ўз ватанидан кўра, хорижда кўпроқ яхши кўришади. 15 мамлакатдан 18 минг одам ўртасида сўровнома ўтказилиши натижасида ушбу хулосага келинди.

Сўровномани Британия Кенгаши буюртмаси асосида YouGov жамиятшунослик хизмати амалга оширди. Буюк инглиз шоири ва драматурги вафотига 400 тўлиши арафасида ўтказилган сўровнома бугун 19 апрель куни чоп этилди.

Сўровномада иштирок этган хорижликларнинг 65 фоизи Шекспир асарларини яхши кўриши, тушуниши ҳамда асарлар ҳозирги замонда ҳам муҳим аҳамият касб этишини билдирган бўлса, алломанинг ватани Буюк Британияда эса сўровномада қатнашганларнинг 59 фоизигина шундай фикр билдирган.

Бошқа инглиззабон мамлакатлар, жумладан Австралия ва АҚШда бу кўрсаткич Бирлашган Қиролликдан анчагина паст. Шекспир, айниқса, Хитой, Туркия ва Мексикада машҳур экани аниқланган.

“Вафот этганига тўрт аср ўтган бўлса-да, Шекспир асарлари инсоният таълимоти ва дунё бўйлаб театр томошалари ташкил этишда ҳамон муҳим рол ўйнамоқда”, - деди Британия Кенгашининг ЕИ мамлакатларидаги ҳудудий директори Розмари Ҳилхорст.

38та пьеса ва 154та сонетдан иборат Шекспирнинг адабий мероси дунёнинг 80дан ортиқ тилларига таржима қилинган.

Шекспирнинг ўлим санаси аниқ эмас. Тахминларга кўра, у Лондонда узоқ вақт яшагач, ўзи туғилиб ўсган Стратфордга қайтган ва 52 ёшига тўлган кунида вафот этган. Чунки уни дафн этиш маросими 25 апрель куни бўлиб ўтгани ҳақида маълумотлар бор.

Ўша даврда вафот этган одамларни ерга икки кундан сўнг кўмишгани инобатга олинса, драматург 23 апрель куни вафот этган дейиш мумкин.

Top