22:25 / 20.04.2016
1630

Ўн уч ёшли ўзбекистонлик ФИДЕ устаси иккинчи турда арманистонлик гроссмейстерни мағлубиятга учратди

Тошкентда шахмат бўйича биринчи ўзбек гроссмейстери Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган “Тошкент опен” X халқаро турнирининг иккинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.

Икки тур натижаларига кўра, 22 шахматчи 2 очкодан жамғарган. Мусобақада ўн уч ёшли ФИДЕ устаси Абдумалик Абдусалимов иккинчи турда арманистонлик гроссмейстер Тигран Петросянни мағлубиятга учратиб, мухлису мутахассислар эътирофига сазовор бўлди. У дастлабки турда Абдулбосит Шарифжоновни енгган эди.

Яна бир иқтидорли ўзбекистонлик шахматчи Гулруҳбегим Тоҳиржонова дастлаб Дилмурод Жабборбергановни енгган бўлса, иккинчи турда россиялик гроссмейстер Сергей Григорьянц билан дуранг ўйнади. Саидакбар Саидалиев биринчи турда Азизбек Валиев устидан ғалаба қозониб, иккинчи партияни россиялик гроссмейстер Василий Папинга қарши ўтказди ва дуранг натижа қайд этди.

Ўзбекистонлик шахматчилардан Жаҳонгир Воҳидов, Марат Жумаев, Нодирбек Ёқуббоев, Жўрабек Ҳамроқулов, Нодирбек Абдусатторов, Акмал Файзуллаев, Владимир Егин, Никита Хорошев, Роман Голубев, Улуғбек Тиллаев, Бобур Сатторов, Ортиқ Ниғматов ва Алишер Бегмуродов икки турни ўз фойдасига ҳал қилиб, пешқадамлар сафида бормоқда.

Top