09:57 / 24.04.2016
1887

Қуёш батареяларида ишловчи Solar Impulse 2 самолёти 9 ойлик танаффусдан кейин саёҳатини давом эттирди

Қуёш батареяларида ишловчи Solar Impulse 2 самолёти Тинч океани устидан 3 кунлик парвоздан кейин АҚШга қўнди. Бу ҳақда хорижий ОАВ хабар бермоқда.

21 апрелда Гавайи оролларидан ҳавога кўтарилган самолёт Калифорнияда қўниш учун Сан-Францискодаги "Олтин дарвозалар" кўприги устидан учиб ўтди. Гавайида охирги 9 ой давомида самолётнинг шикастланган қуёшли батареялари таъмирдан чиқарилган.

"Мен кўприкни учиб ўтдим. Мен расман Америкадаман", деб айтди Сан-Франциско бўғозидан учиб ўтгандан кейин самолёт учувчиси Бертран Пикар.

Solar Impulse 2 бутун жаҳон бўйлаб саёҳатини 2015 йил 9 мартда Абу-Даби аэропортидан бошлаганди. Учувчилар қуёшли батареяларда учувчи самолётлар учун рекорд ўрнатишмоқчи. Ўтган йилнинг июль ойи бошида самолёт Япониядан Гавайига учиб ўтганда қуёшли батареялардаги самолётлар учун парвознинг давомийлиги ва узунлиги бўйича рекорд ўрнатилган. Самолёт учувчиси 8 минг км лик масофани 118 соатда босиб ўтган. Шунингдек, самолётнинг осмонда қайта ёқилғи қуйишсиз парвоз қилиш давомийлиги бўйича мутлақ рекорд ўрнатилган.

Бироқ июль ўртасида учувчилар қуёш батареялари шикастлангани сабабли парвозни тўхтатишга қарор қилишган. У шу пайтгача Гавайида таъмирда бўлган ва 21 апрелда лойиҳанинг твиттерида саёҳат давом эттирилиши маълум қилинган.

Самолётда 17 мингта қуёш батареяси ўрнатилган бўлиб, улар самолётга катта масофаларни учиб ўтишга имкон беради. Самолётнинг қанотлари қулочи 72 метрни, оғирлиги 2,3 тоннани ташкил қилади.

Top