16:22 / 25.04.2016
2016

ОАВ: Қўшиқчи Принс вафотидан аввал сурункасига 154 соат давомида ишлаган

Америкалик мусиқачи Принс Рожерс Нельсон ўлимидан аввал сурункасига 154 соат ухламаган. Бу ҳақда Лондоннинг The Daily Mirror газетасига таяниб ТАСС хабар берди.

Қўшиқчининг 150 соатдан ортиқ ухламагани тўғрисида терговчиларга Принснинг поччаси (опаси Тайке Нильсоннинг эри) Морис Филлипс маълум қилди.

“Мен ўтган ҳафта дам олиш кунларида у билан бирга эдим. У сурункасига 154 соат ишлади”, - дейди Морис.

Принс 21 апрель куни 57 ёшида тўсатдан вафот этди. Чақирувга кўра етиб келган полиция ходимлари уни Миннеаполисдаги ўз уйининг лифтида ҳушсиз ҳолатда топишди.

Мусиқачига сунъий нафас бериб ўзига келтиришга уриниб кўришди, бироқ уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмади. 23 апрель куни унинг танаси кремация (лотинча “cremare” – ёқиш, куйдириш; мурдани ёқиб кул ҳолатига келтириш жараёни) қилинди.

Принс 1982 йилда “1999” номли альбомидан сотувга чиққач, халқаро миқёсдаги машҳурликка эришди. У машҳурлигининг чўққисида бўлган даврда АҚШда Майкл Жексондан кейинги ўринда ҳисобланарди. Ўз ижодий умри давомида у 39та альбом ёзиб қолдирди, 136та мусиқий клип ва олтита тўплам яратган. Сотилган альбомларнинг умумий адади 100 миллиондан ортиқ нусхадан иборат. У кўплаб нуфузли совринлар лауреати, “Гремми” мукофотига етти бор, биттадан “Олтин глобус” ва “Оскар” совринларига лойиқ кўрилган.

Top